uzbekistan news

Фашистлар лагеридан қочган наманганлик совет аскари Боқижон Акрамов ҳикояси

Жерси оролида фашистлар лагеридан қочган Боқижон Акрамовни Ле Бретонлар икки йилдан зиёд яширган, кейин СССРга қайтгани маълум бўлди.

Буюк Британиянинг Жерси оролида ўзбекистонлик совет аскарининг ҳаётини сақлаб қолган Жон ва Фелисс Ле Бретонлар Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган жасорати ва юксак инсонпарварлиги учун вафотидан сўнг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.. Жерси оролида яшаган маҳаллий фермерлар — Ле Бретонлар оиласи фашистлар лагеридан қочган ўзбекистонлик совет аскари — Боқижон Акрамовни икки йилдан ортиқ вақт давомида уйида яширинча сақлаган.. 1945 йилда орол озод этилгач, Боқижон бошқа совет асирлари қаторида СССРга қайтган.. У оилага хат ёзиб туришга ваъда берган, лекин тез орада алоқа узилган.. Орадан ўнлаб йиллар ўтиб Боқижон Акрамовнинг урушдан кейинги тақдирини аниқлаган BBC унинг Намангандаги уйига ташриф буюриб, яқин қариндошлари, жумладан, набиралари билан суҳбатлашди.. BBC Боқижон Акрамов шахсининг аниқланиши, унинг лагердаги ва қочқинликдаги ҳаёти ҳамда ватанга қайтганидан кейинги тақдири, шунингдек, унинг Намангандаги уйига ташрифи ҳақида унинг ҳикоясини ўрганган BBC журналисти Ольга Ившинанинг катта мақоласини эълон қилди.. Gazeta ушбу мақоланинг таржимасини келтиради.. Оддий аскар Боқижон Акрамовнинг топилиши Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар Германияси томонидан босиб олинган Жерси оролига минглаб одамлар олиб келинган — улардан туннеллар ва бункерлар қуришда фойдаланилган.. Аксарият маҳбусларнинг тақдири ҳалигача номаълум, бироқ BBC улардан бири — маҳаллий фермерлар оиласи яширинча ўз уйида сақлаган совет аскари Боқижон билан нималар содир бўлганини аниқлади.. Оила 80 йилдан ортиқ вақт давомида унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса билмаган.. «Қаранг, унинг сурати ҳалигача ошхонамда, ота-онамнинг сурати билан ёнма-ён туради», — дейди замонавий кийинган, озғин ва сочлари оппоқ оқарган аёл Дульси Ле Бретон.. Оқ-қора суратдан бизга қатъий услубдаги инглизча костюмдаги ўрта ёшли эркак табассум билан боқади.. Бу — Боқижон, Франция ва Британия ўртасидаги Ла-Манш бўғозида жойлашган кичкинагина Жерси оролида немис истеҳкомлари қурилишига мажбуран жалб этилган икки мингга яқин совет асирларидан бири.. Ўшанда у 33 ёшда, Дульси эса етти ёшда эди.. «У мен билан қандай ўйнагани ҳалигача эсимда: биз арғимчоқда сакрашни яхши кўрардик, кейин эса у менга инглиз тилида эртаклар ўқиб берарди.. Урушдан кейин уни топишга шунчалар ҳаракат қилдик-ки!. Ўтган йиллар давомида унинг тақдири нима кечганини билишни орзу қилиб келдим», — дейди Дульси.. Июнь ойида у 90 ёшга тўлади.. Дульси Ле Бретон.. Фото: BBC.. Бундан тўрт йил аввал маҳаллий тарихчи Крис Эдди Жерси оккупациясининг сўнгги гувоҳлари ҳикояларини ёзиб олишга қарор қилади.. Айнан шу жараёнда у Дульси билан танишиб қолади ҳамда илк бор Дульсининг оиласи ва совет аскари танишувининг ажойиб тарихини эшитади.. Жерси оролининг газеталари Дульсининг хотираларини қайта нашр этди, бироқ ҳеч ким Боқижоннинг тўлиқ исмини била олмади ва уруш тугаганидан кейин унинг тақдири қандай кечганини аниқлай олмади.. Россияда бир неча бор қариндошларим ва дўстларим учун Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот излашга тўғри келган, шунинг учун Боқижоннинг тақдирини ўрганиб кўришга аҳд қилдим.. Боқижоннинг Томга айланиши 1940 йилнинг ёзида, Франция фашистлар Германиясига таслим бўлгач, Британия Нормандия оролларини ҳимоя қилмасликка қарор қилди ва қўшинларини Жерсидан олиб чиқиб кетди.. Орол расман Бирлашган Қироллик таркибига кирмаса-да, унинг мудофааси ва халқаро алоқалари учун айнан Буюк Британия масъул эди.. 6,5 минг киши Британияга эвакуация бўлишга улгурди, бироқ 40 мингга яқин аҳоли оролда — Учинчи Рейх армияси билан юзма-юз қолиб кетди.. 1941 йилнинг кузидан бошлаб фашистлар танкларга қарши деворлар, бункерлар ва туннеллар каби кенг кўламли истеҳкомлар тармоғини қуриш мақсадида оролга асирларни олиб кела бошлади.. Энг оғир ишларга Совет Иттифоқининг босиб олинган ҳудудларида асирга олинган тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий асирлар юбориларди.. 1941 йилнинг ёзида ҳозирги Украина ҳудудида қуршовга тушиб қолган Боқижон ҳам улар орасида эди.. «Арзимас хато учун ҳам аёвсиз калтаклашарди.. Агар ишлай олмасак, оч қолдириб, яна дўппослашарди.. Немислар касал эканимизга ҳеч қачон ишонмасди.. Уч ой ичида мен мансуб бўлган 44 кишилик гуруҳдан 20 дан ортиғи очликдан ўлиб кетди», — деб ёзган эди Боқижон ўз кундаликларида.. Ле Бретонлар оиласи Боқижон ёзган 22 варақ сарғайган қоғоз, дафтар ва қўлбола ён дафтарчани кўз қорачиғидай асрайди.. Уларда ўта тинкаси қуриган ҳолда ҳам сўзсиз қурбон бўлишдан бош тортган бир инсоннинг тарихи мужассам: «Немис қўлида таёқ кўтариб ёнимга келганида, бутун вужудим ғазабдан қайнади — унга ва у тимсоли бўлган барча шафқатсизликка қарши.. Мен белкуракни кўтариб, унга ташландим-да: „Аввал мен сени ўлдираман, кейин сен мени ўлдиришинг мумкин“, — деб бақирдим.. У кулди.. Лекин нари кетди ва шундан сўнг мени уришга бошқа журъат этмади».. Боқижон ўз кундаликларида асирликда бошидан кечирган барча нарсани батафсил ёзиб қолдирган.. Фото: BBC.. Истеҳкомлар қурилишига Европа ва Шимолий Африканинг ўнлаб мамлакатларидан ишчилар мажбуран жалб қилинган, бироқ нацистлар айнан совет асирларини Untermensch — «чала одам» тоифасига киритиб, энг оғир шароитларга жойлаштирганлар, дейди Жерси ороли тарихчиси Крис Эдди.. «Эрталаб соат 6 дан кечки 6 гача конда тош қазардик, — деб ёзган эди Боқижон.. — Пешинда бир коса шўрва билан номига сариёғ сурилган бир бурда нон беришарди.. Нонушта берилмасди.. Баъзиларимизнинг эгнимизда латта-путта қолган, ялангоёқ юрардик, шунга қарамай, немислар ҳатто қишда ҳам бизга на иссиқ сув, на совун, на бирор қўшимча кийим беришарди».. Жерси музейида ҳозиргача асирлардан бири ясаган қўлбола бошмоқ сақланади: тагчарм ўрнида қарағай тахтаси, пайпоқ қисми сийқаси чиққан гиламдан, товон қисми занглаган темир бўлагидан, боғичи эса симдан ясалган.. Бундай «пойабзал» тош конларида ўткир қиррали жинслар сабаб оёқни тилиб олмасликка ёрдам берган.. Жерси тарихи музейида сақланаётган немис лагерлари асирлари томонидан ясалган бошмоқ.. Фото: BBC.. «1943 йил 27 апрелда ўлимга шу қадар яқин қолганимни ҳис қилдим-ки, таваккал қилиб қочишга қарор қилдим», — деб ёзади Боқижон.. У уч ой далаларда яшириниб юрди, картошка пўчоғи, хом шолғом ёки сабзи билан жон сақлади.. Боқижон баъзан маҳаллий фермерларнинг уйига яқинлашиб, бирор егулик ва бир варақ қоғоз сўрарди.. Қалам учи билан унга инглизча сўзларни ёзиб оларди.. Шу тариқа уч ойда уч мингта сўз ўрганди.. Ўзи учун янги бўлган тилни бироз ўзлаштиргач, Боқижон бир куни унга бир неча бор егулик берган Ле Бретонлар хонадонининг эшигини тақиллатди.. Улардан уйларининг омборхонасида тунаб қолишга рухсат сўради.. Жон ва Фелисс Ле Бретонлар.. Фото: BBC.. Жон Ле Бретон, 39 ёшли бақувват, қўллари қадоқ фермер, маслаҳатлашиш учун хотини Фелисни чақирди.. Ле Бретонлар асирни ўз паноҳига олиш билан нафақат ўз ҳаётларини, балки тўрт нафар кичик ёшдаги фарзандларининг хавфсизлигини ҳам таҳликага қўяётган эдилар.. Қочоқ асирларга ёрдам берганлар учун шафқатсиз жазо белгиланганди: совет аскарини яширган 53 ёшли аёл Луиза Гулд концлагерга жўнатилган ва у ерда газ камерасида ҳалок бўлганди.. Таваккал бўлишига қарамай, Ле Бретонлар Боқижоннинг қолишига рухсат беришди.. Болалар сирни очиб қўймасликлари учун Фелисс уйда ҳамма янги турувчини Том деб аташини эълон қилди.. Улар икки йилдан кўпроқ вақт бирга яшашди.. Умиддан умидсизлик сари ва ортга 1945 йилнинг май ойида Жерси озод этилганидан кўп ўтмай, оролга Совет элчихонасининг ҳарбий атташьеси келди.. У собиқ совет маҳбусларининг СССРга қайтарилишини ташкиллаштириши керак эди.. Хайрлашиш учун вақт жуда оз эди.. Жон Ле Бретон «Том»га ўзининг байрамона костюмини кийдириб, маҳаллий фотосуратхонада суратга олдирди — Дульсининг столида ҳозиргача турган ўша сурат шундай олинган эди.. Боқижон эса Ле Бретонларга эсдалик сифатида ўзи ясаган узукларни совға қилди.. У кетар чоғида ўз ҳаётини сақлаб қолган оила билан алоқада бўлишга ваъда берди.. Кўп ўтмай, Ле Бретонлар чиндан ҳам хат ола бошладилар — Боқижон ўзини ва бошқа собиқ асирларни Европа бўйлаб олиб кетишаётганда учта хат ёзишга улгурган эди.. Сўнгра хатлар тўхтади.. Боқижоннинг Совет Иттифоқига йўл оларкан, Жерси оролига юборган хатидан парча.. Фото: BBC.. СССРда собиқ ҳарбий асирларни текширув ва фильтрация кутарди: асирликда бўлиш ёки немислар назорати остида яшашнинг ўзиёқ кишини Сталин давлати учун шубҳали шахсга айлантирарди.. Бу мантиқ 1941 йил августдаги 270-сонли буйруқда ҳам акс этган бўлиб, у асирга тушишни дезертирлик ва хоинликка тенглаштирган эди.. Текширувдан сўнг баъзилар уйларига қўйиб юборилган ёки армияга қайтарилган, бошқалари эса ишчи батальонлар, махсус посёлкалар ёки лагерларга жўнатилган.. Архив маълумотларига кўра, 1946 йил 1 мартга қадар СССРга 4,2 миллионга яқин репатриант — собиқ ҳарбий асирлар ва остарбайтерлар — мажбурий меҳнатга ҳайдалган тинч аҳоли вакиллари қайтиб келган.. Уларнинг 58 фоизига уйига кетишга рухсат берилган, 19 фоизи армияга чақирилган, 14,5 фоизи ишчи батальонларига ёзилган, 6,5 фоизи эса фильтрациядан сўнг НКВД ихтиёрига — қамоқхоналар, лагерлар ёки бошқа мажбурий сақлаш жойларига юборилган.. Бироқ собиқ ҳарбий асирлар учун фильтрация тинч аҳолидан бўлган репатриантларга қараганда анча қаттиққўллик билан ўтказилган.. Тарихчи Шейла Фицпатрик келтирган архив маълумотларига кўра, 1946 йил 1 мартга қадар текширувдан ўтган собиқ совет ҳарбий асирларининг қарийб 15 фоизи НКВДга топширилган.. Тинч аҳолидан бўлган репатриантлар орасида бу кўрсаткич 2 фоиздан кам бўлган.. Ле Бретонлар «Том»га нима бўлганини аниқлашга уриндилар, лекин унинг урушгача бўлган ҳаёти ҳақида жуда кам нарса билишарди.. У ўзини инглиз тилида «Боқижон Акрам» деб таништирган ва бу бирйўла иккита муаммони юзага келтирган: биринчидан, «Акрам» исмининг фамилия ёки отасининг исми экани ноаниқ эди, иккинчидан эса, совет мирзалари буни уруш йиллари ҳужжатларида рус тилида қандай қайд этгани номаълум эди.. «Биз ундан узоқ вақт хабар кутдик, ҳозир ҳам унга нима бўлганини, нега хат ёзмай қўйганини билишга умид қиламан.. Биз уни жуда-жуда яхши кўрардик.. Биз учун қадрли Том!. У шунчаки ажойиб инсон — ўта меҳрибон ва ёқимтой эди», — деб эслайди Дульси.. Унинг ота-онаси анча олдин вафот этган: Жон Ле Бретон 1975 йилда 71 ёшида, Фелисс эса 1993 йилда 82 ёшида оламдан ўтган.. Улар ўзлари нацистлардан қутқарган инсоннинг кейинги тақдирини била олмай кетишди.. Оилада Боқижонни яхши эслайдиган сўнгги киши бўлган Дульси ҳеч бўлмаса бирор маълумот топишда ёрдам беришларини сўрамоқда.. Совет ҳарбий ҳужжатларининг рақамлаштирилган архивларида — ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотномалар, шахсий таркиб рўйхатлари, мукофот варақаларида «Боқижон» исми бир неча хил кўринишда учрайди.. Унга «Акрам» ёки «Акрамов» сўзларини қўшиш эса яна ўнлаб эҳтимолий вариантларни келтириб чиқарарди.. Аста-секин қидирув доираси уч кишигача торайди, бироқ улардан бири ёши тўғри келмагани учун, иккинчиси эса Би-би-си унинг 1945 йил апрелда дафн этилгани ҳақидаги ҳужжатларни топганидан сўнг рўйхатдан чиқарилди — Боқижон ўша пайтда ҳали Ле Бретонлар билан яшаётган эди.. Фақат бир киши қолган — 1910 йилда туғилган Боқижон Акрамов.. Очиқ манбалардан фақат битта ҳужжатни — 1985 йилда I даражали Ватан уруши ордени билан тақдирлангани ҳақидаги карточкани топиш мумкин.. Ҳужжатда Боқижоннинг яшаш манзили сифатида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги Наманган шаҳри кўрсатилганди.. Боқижон Акрамовнинг 1985 йилда яшаган аниқ манзилини билишнинг ягона йўли — мукофот варақасининг асл нусхаси сақланаётган Мудофаа вазирлигининг Подольскдаги Марказий архивидан маълумот олиш эди.. Боқижон Жерси оролини тарк этганидан 81 йил ўтиб, BBC унинг она шаҳри Намангандаги манзилини ўша ердан топди.. Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан Наманганга олиб борувчи йўл тоғ довони орқали ўтади.. Апрелда Наманганда ҳаво аллақачон исиб улгурган, бозорлар гавжум, ҳовлиларни эса узум занглари чирмаб олган.. BBC Ўзбек хизмати журналисти Луиза Худойқулова бир вақтлар Боқижон Акрамов яшаган уйнинг ҳозирги эгаларидан бу исмни эшитган-эшитмаганини сўраб кўриш умидида манзилга йўл олади.. Эшик тақиллатилганда, соқолли, гавдали бир киши чиқиб келди: «Ассалому алайкум!. Сиз кимсиз?. Бобомнинг суратларини қаердан олдингиз?» Жерси оролининг шимолий чеккасидаги баланд қирғоқда деразаларидан Ла-Манш бўғози кўриниб турадиган бино қад ростлаган.. Атрофи — обод боғ ва четларига майда тошлар терилган йўлаклар.. Бу — Дульси Ле Бретон касалликдан сўнг соғлиғини тиклаётган пансионатдир.. Бугун у ўзи жуда яхши кўриб куйлайдиган хор машғулотини ўтказиб юборади.. Дульси меҳмон кутяпти.. Улардан бири — тарихчи Крис Эддини у яхши танийди, бироқ иккинчи меҳмоннинг исмини айтишмади.. Фақат у олиб келадиган хабар Дульсини албатта хурсанд қилади, дейишди.. «Вой, бирор жойда чиқиш қилишни сўрашса керак-да.. Ахир, яқинда 9 май — Жерси озод қилинган кун», — дея тўнғиллайди у ўзига қарайдиган аёлга.. Каравоти ёнидаги тумбочкада ҳамон ўша учта сурат турарди: онаси, отаси ва Том.. «Дульси, бугун мен билан BBC`дан Ольга ҳам бирга, — дея у билан саломлашди Крис.. — Биз сизга Том тоғангиз ҳақида сўзлаб бериш учун келдик.. Биз унинг оиласини топдик».. Дульси бу ҳазил эмаслигига ишонч ҳосил қилгиси келиб, гоҳ Крисга, гоҳ менга тикилганича узоқ ўн сония жим турди.. «Ақлга сиғмайди, тезроқ айтиб беринг!» — дея ниҳоят қўлларини силтади Дульси.. Жерсидан олти минг километр олисда Боқижон Акрамовнинг набира ва чеваралари яшил дастурхон ёзилган анъанавий пастак стол атрофида чордона қуриб ўтиришибди.. Ҳамма диққатини экранга қаратган, унда Дульсининг ҳайратдаги юзи пайдо бўлди.. У ҳамон бу туш эмаслигига ишона олмаётганди.. Боқижон Акрамов узоқ умр кўриб, 1996 йили 86 ёшида вафот этган.. Унинг бир қизи бўлиб, ўша йили оламдан ўтган, лекин ундан уч набира қиз ва бир набира ўғил қолган.. «Дульси, бобомиз уруш пайтида қаерда бўлганини, айнан нима қилганини билмасдик.. У бу ҳақда гапиришдан доим бош тортарди.. Лекин сиз каби яхши инсонлар шарофати билан у тирик қолган!. Биз ҳаммамиз бу дунёда борлигимизга айнан сизнинг оилангиз сабабчи эканини энди билдик.. Сизга рахмат, гапиришга сўз тополмаяпман», — дейди Боқижоннинг набираси Шамсиддин Охунбоев кўз ёшларини артаркан.. Боқижоннинг набираси Шамсиддин Охунбоев.. Фото: BBC.. Унинг айтишича, бунчалик ақлли ва қобилиятли бўлган Боқижонни нега малакали ёки масъулиятли ишларга олишдан қайта-қайта бош тортаётганлари оиласидагиларни доим ҳайрон қолдирган.. Боқижон кўп йиллар Намангандаги заводда боғбон бўлиб ишлаган.. Энди бунинг сабаби немис асирлигида бўлган совет фуқароларини узоқ йиллар таъқиб қилган тамға билан боғлиқлигини тахмин қилиш мумкин.. Шамсиддиннинг сўзларига кўра, бобоси Боқижон ҳамиша умумий ҳаммомга боришга уялиб, ёлғиз ўзи ювинарди.. Умрининг охирларида у Шамсиддиндан ёрдам сўраган ва шунда набираси бобосининг оёғида эски, чуқур жароҳатлардан қолган чандиқларга ўхшаш катта ўйиқларни кўрган — бу, афтидан, Боқижон Жерси оролидаги лагерда бўлаклашга мажбур бўлган тоғ жинсларидан қолган излар эди.. Жерси ороли билан видеоалоқа орқали суҳбатлашиш учун бутун катта оила жам бўлди.. Фото: BBC.. «Дульси, сизни доим уйимизда кутамиз, сизни Ўзбекистонга таклиф қиламиз!» — дейди Шамсиддин.. «Вой-вой-вой!» — дея хурсанд бўлиб жавоб қайтаради Дульси ва видеоқўнғироқнинг ҳар икки тарафидаги барча иштирокчилар қаҳқаҳа отиб кулиб юборишади.. «Ота-онам қийин аҳволга тушиб қолган одамга ёрдам беришни тўғри деб билганлари учунгина ёрдам беришган.. Улар Худога ишонарди, — дея тушунтиради Дульси.. — Жерсида совет аскарларига ёрдам берганлар фақат улар эмасди.. Бундай воқеалар ўнлаб топилади ва мен одамлар уларнинг барчасини билишини ва ёдда сақлашини жуда истардим».. Бу воқеадан BBC орқали хабар топган Ўзбекистон ҳукумати Жон ва Филлис Ле Бретонларни «жасорати ва ҳамдардлиги» учун вафотидан сўнг мамлакатнинг олий давлат мукофотларидан бири — «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.. Орденлар Дульсига ва унинг укаси Алан Ле Бретонга топширилди.

Боқижон Акрамов, Жерси ороли, Ле Бретонлар, совет аскари, фашистлар лагери, Ikkinchi jahon urushi, Дўстлик ордени

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Are you human? Please solve:Captcha


Secret Link