Мирзиёев Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида олиб борилган кенг кўламли реконструкция ишлари ва яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд сафарини Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Мазкур муқаддас қадамжода буюк муҳаддис хотирасига эҳтиром кўрсатилиб, Қуръон тиловат қилинди ва дуолар ўқилди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мажмуа тубдан қайта қурилиб, замонавий қиёфа касб этди. Бугунги кунда бу ерда зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, маскан ўз тарихий ва маънавий нуфузига мос ҳолатга келтирилган.
Бу ислом оламидаги маънавий меросни асраб-авайлаш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсатининг узвий давоми сифатида муҳим аҳамиятга эга.
Реконструкциядан сўнг мажмуанинг сиғими бир неча баробар ошди.. Агар илгари у бир суткада 12 минг кишини қабул қилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 65 минг кишини ташкил этади.. Рамазон ҳайити арафасида очилган мажмуада бир ой ичида бир миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий зиёратчилар бўлишга улгургани масканнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Президент ҳудуддаги инфратузилмани янада яхшилаш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Хусусан, автотураргоҳларни кенгайтириш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароитларни кўпайтириш ва сайилгоҳларни ободонлаштириш масалалари диққат марказида бўлди.
Мутасаддиларга мажмуа фаолиятини тизимли равишда таҳлил қилиб бориш ва ҳар олти ойда хизмат кўрсатиш сифатини назоратдан ўтказиш юклатилди. Шунингдек, имом-хатибларнинг малакасини оширишда мазкур мажмуа имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Мирзиёев зиёратгоҳлар ва қабристонларни обод этишни маънавий-тарбиявий ишларнинг таркибий қисми деб атади. Бундай ёндашув ёш авлодда аждодларга ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқат туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.
Мазкур мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки ислом маърифатини ёйиш ва тарихий меросимизни келгуси авлодларга етказишда муҳим илмий-маърифий марказ бўлиб хизмат қилади.